O`zbekiston Respublikasi fuqarolari uchun viza qoidalari

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш, бериш ва ундан фойдаланиш, шунингдек, консуллик ҳисобига қўйиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти (кейинги ўринларда — биометрик паспорт) — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эгасининг шахсини ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тасдиқлайдиган, паспорт эгасининг шахсий биографик маълумотлари ва биометрик параметрлари сақланган электрон ахборот ташувчига (чипга) эга бўлган ҳужжат;

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспорти (кейинги ўринларда — хорижга чиқиш биометрик паспорти) — хорижга чиқиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириш, шунингдек, хорижда туриш вақтида эгасининг шахсини ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тасдиқлайдиган, паспорт эгасининг шахсий биографик маълумотлари ва биометрик параметрлари сақланган электрон ахборот ташувчига (чипга) эга бўлган ҳужжат;

идентификация электрон картаси (кейинги ўринларда — ID-карта) — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эгасининг шахсини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тасдиқлайдиган, ҳар бир фуқаронинг ягона идентификация рақами ва унинг шахсий маълумотлари сақланган, давлат хизматларидан фойдаланиш вақтида шахсни аниқлаш учун фойдаланиладиган ҳужжат;

верификация — паспортга киритилган биометрик параметрлар унинг эгасининг биометрик параметрлари билан мослигини машинада текшириш;

хорижда вақтинча бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари — Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган, хорижга чиқиб, вақтинча у ерда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;

хорижда доимий яшайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари — Ўзбекистон Республикасидаги доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқиб, хорижга доимий яшашга чиқиш учун белгиланган тартибда рухсатнома расмийлаштирган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;

паспорт олиш учун талабнома — паспорт олувчи ҳақида маълумотларни йиғиш пункти томонидан шакллантирилган биографик маълумотлар ва биометрик параметрларни ўз ичига олган электрон ҳужжат (кейинги ўринларда — талабнома);

консуллик округи — консуллик функцияларини бажариш учун консуллик муассасаси иш олиб борадиган ҳудуд бўлиб, у бир нечта давлат ҳудудини ўз ичига олиши мумкин;

консуллик муассасаси — Ўзбекистон Республикасининг чет давлатда таъсис этиладиган дипломатик ваколатхонасининг консуллик бўлими, Ўзбекистон Республикасининг бош консулхонаси, консулхонаси, вице-консуллиги ва консуллик агентлиги;

консуллик рўйхати — тегишли консуллик округи ҳудудига келган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хориждаги Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари қошида белгиланган тартибда қайддан ўтказиш;

вақтинча консуллик рўйхати — хорижда вақтинча бўладиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хориждаги Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасалари томонидан қайддан ўтказиш;

доимий консуллик рўйхати — доимий яшаш учун хорижга чиқиш рухсатномаси белгиланган тартибда расмийлаштирилган, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасаси консуллик округи ҳудудида доимий яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қайддан ўтказиш;

персоналлаштириш — паспорт эгасининг биографик маълумотларини ва биометрик параметрларини паспорт бланкига киритиш;

маълумотларни йиғиш пункти — паспорт олиш учун мурожаат қилган фуқароларнинг биографик маълумотларини ва биометрик параметрларини жамлаш, ушбу маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига (кейинги ўринларда — ДПМ) юбориш ҳамда фуқароларга янги расмийлаштирилган биометрик параметрли паспортларни бериш вазифаларини бажарувчи ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари, Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаменти, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасалари.

3. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, қонун ҳужжатларида белгиланган чекловлардан ташқари ҳолда, ушбу Низомда назарда тутилган тартибда хорижга эркин чиқиш ва Ўзбекистон Республикасига кириш ҳуқуқига эга.

4. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари хорижга чиқадиган ҳолларда уларга хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштирилади. Хориждаги Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳам хорижга чиқиш биометрик паспортига эга бўлишлари шарт.

5. Хорижга чиқиш биометрик паспорти ҳар қандай давлатга чиқиш учун ҳақиқийдир.

Хорижда доимий яшаётган ва доимий консуллик рўйхатида турадиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш биометрик паспорти, унинг эгаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган даврда шахсни тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланиб, давлат хизматларидан фойдаланиш учун ҳақиқийдир.

6. Хорижга чиқиш биометрик паспорти Ўзбекистон Республикасининг мулкидир ва унинг эгаси Ўзбекистон Республикасининг ҳимоясида бўлади.

7. Хорижга чиқиш биометрик паспорти фуқароларга қуйидаги амал қилиш муддатларига берилади:

туғилган кунидан бошлаб бир ёшгача — икки йил муддатга;

бир ёшдан 16 ёшгача — 5 йил муддатга;

16 ёшдан ошган шахсларга — 10 йил муддатга.

Амал қилиш муддати тугаганидан кейин хорижга чиқиш биометрик паспорти маълумотларни йиғиш пунктига топширилади.

8. Хорижга чиқиш биометрик паспорти бланки қатъий ҳисобга олинадиган ҳужжат ҳисобланади.

Хорижга чиқиш биометрик паспорти бланкларини тайёрлаш «Давлат белгиси» давлат ишлаб чиқариш бирлашмасида амалга оширилади. Персоналлаштириш, ҳисобга олиш ишлари ҳамда тайёрлаш вақтида бузилган ва маълумотларни йиғиш пунктларидан алмаштириш учун қайтарилган паспортларни йўқ қилиш — ДПМда, хорижга чиқиш биометрик паспортларини эгаларига бериш ва ҳақиқий бўлмаган хорижга чиқиш биометрик паспортларини йўқ қилиш — маълумотларни йиғиш пунктларида амалга оширилади.

Хорижга чиқиш биометрик паспортларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида етказиб бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Давлат фельдъегерлик хизмати (кейинги ўринларда — ДФХ) томонидан амалга оширилади.

Хорижга чиқиш биометрик паспортларини хориждаги маълумотларни йиғиш пунктларига ва консуллик муассасаларидан Ўзбекистон Республикасига етказиб бериш белгиланган тартибда дипломатик почта воситаси орқали амалга оширилади.

9. Хорижга чиқиш биометрик паспорти белгиланган намуна бўйича тайёрланади ва инглиз тилида персоналлаштирилади.

10. Хорижга чиқиш биометрик паспорти бланкига қуйидаги асосий маълумотлар киритилади:

паспортни берган давлатнинг номи;

ҳужжатнинг номи;

ҳужжатнинг тури;

паспортни берган давлатнинг коди;

паспорт серияси ва рақами;

фамилия, исм, ота исми;

фуқаролиги;

туғилган санаси;

туғилган жойи;

жинси;

берилган сана;

берган орган;

амал қилиш муддати тугайдиган сана;

эгасининг рақамли сурати;

эгаси ҳақидаги машина ўқийдиган маълумотлар.

11. Чипга қуйидаги маълумотлар киритилади:

паспорт эгасининг биографик маълумотлари;

эгасининг рақамли сурати;

қўл бармоқларининг излари — 16 ёшга етганидан кейин.

12. Хорижга чиқиш биометрик паспортига қуйидаги қайдлар киритилади:

паспорт эгасининг хорижда доимий яшаш учун рўйхатдан ўчирилганлиги тўғрисида;

хорижда доимий яшаётган фуқаронинг вақтинчалик рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида;

давлат чегарасидан ўтганлиги тўғрисида;

консуллик рўйхатига олингани ёки консуллик рўйхатидан чиқарилгани тўғрисида;

никоҳ қайд этилганлиги ёки бекор қилинганлиги тўғрисида;

хорижий давлатларга кириш учун рухсатнома (виза) тўғрисида;

ҳамроҳлик қилувчи шахслар тўғрисида (вояга етмаган фуқаролар учун);

илгари қўйилган қайдлар бекор қилинганлиги тўғрисида.

Паспортда унинг эгасининг имзоси бўлиши шарт.

Паспорт эгаси қонининг гуруҳи ва резус-мансублик тўғрисидаги қайдлар унинг розилиги билан амалга оширилади.

13. Хорижга чиқиш биометрик паспортига:

ички ишлар органлари бўлинмалари томонидан — вақтинчалик рўйхатдан ўтганлиги ва хорижда доимий яшаш учун рўйхатдан чиққанлиги ҳақидаги, ҳамроҳлик қилувчи шахслар ҳақидаги (вояга етмаган фуқаролар учун);
чегара назорати бўлинмалари томонидан — Давлат чегарасидан ўтганлик ҳолати ҳақидаги;

фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан — никоҳ қайд этилганлиги ва никоҳ бекор қилинганлиги ҳақидаги (доимий консуллик рўйхатида туриб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган фуқаролар учун);

соғлиқни сақлаш ташкилотлари томонидан — қон гуруҳи ва резус-мансублик ҳақидаги;

Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари томонидан — вақтинчалик ва доимий консуллик рўйхатига олиш ёки консуллик рўйхатидан чиқариш ҳақидаги, никоҳ қайд этилганлиги ва никоҳ бекор қилинганлиги ҳақидаги, ҳамроҳлик қилувчи шахслар ҳақидаги (вояга етмаган фуқаролар учун);

чет давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан — хорижий давлатларга кириш рухсатномалари (кириш визаси) ҳақидаги қайдлар киритилади.

Муассасалар зарур ҳолларда ўзлари илгари қўйган қайдларни бекор қилганликлари тўғрисида қайдлар киритишлари мумкин.

Паспортларга ушбу Низомда назарда тутилмаган ёзувларни ва қайдларни киритиш тақиқланади.

14. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафига муддатли ҳарбий хизматга чақирилган фуқаролардан хорижга чиқиш биометрик паспортлари мудофаа ишлари бўлимлари томонидан олиб қўйилади ва хизмат тугагунга қадар сақланади. Муддатли ҳарбий хизмат тугаганидан кейин мудофаа ишлари бўлимлари олиб қўйилган хорижга чиқиш биометрик паспортларни фуқароларга улар ҳарбий ҳисобга қўйилганидан кейин ўн кун муддатда қайтариб беришлари шарт.

Шартнома асосида ҳарбий хизматга, ўқиш учун олий ҳарбий таълим муассасаларига кирган фуқаролардан хорижга чиқиш биометрик паспортлари ҳарбий қисмларнинг ҳамда олий ҳарбий таълим муассасаларининг кадрлар билан ишлаш органлари томонидан олиб қўйилади ва штабларда сақланади.

Ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий хизмат назарда тутилган тегишли вазирликларда ва идораларда сақланаётган хорижга чиқиш биометрик паспортлари амал қилиш муддати тугаганидан кейин белгиланган тартибда йўқ қилиш учун маълумотларни йиғиш пунктларига жўнатилади.

2-боб. Хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш тартиби

15. Фуқароларга хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқишда;

илгари хорижга чиқиш биометрик паспорти билан ҳужжатлаштирилмаган, консуллик рўйхатига олинган фуқаролар хорижда бўлганида;

фарзанд хорижда туғилганида;

хорижга чиқиш биометрик паспортининг амал қилиш муддати тугаганида;

фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, жинси ўзгарганида;

ёзувларда ноаниқликлар ва хатолар мавжудлиги аниқланганида;

маълумотлар ёки визалар учун мўлжалланган бетлар ишлатилиб бўлинганида;

хорижга чиқиш биометрик паспорти бланкаси яроқсиз ҳолга келганида;

хорижга чиқиш биометрик паспорти йўқотиб қўйилганида;

хорижга чиқиш биометрик паспорти ашёвий далил сифатида олиб қўйилганида.

16. Фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, жинси ўзгарганлиги ёхуд ёзувларда ноаниқликлар ва хатолар мавжудлиги аниқланганлиги муносабати билан хорижга чиқиш биометрик паспорти алмаштирилаётганда фуқаро маълумотларни йиғиш пунктига ушбу ҳолатларни тасдиқлайдиган ҳужжатларни тақдим этади.

Фуқаро Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиб кетаётганида хорижга чиқиш биометрик паспортининг амал қилиш муддати бир йилдан кам бўлган тақдирда, ушбу ҳужжат алмаштирилиши мумкин.

17. Фуқаролар хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш учун доимий рўйхатда турадиган жойларидаги маълумотларни йиғиш пунктига ёки консуллик рўйхатига олинган маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат қиладилар.

Фуқаронинг доимий рўйхати мавжуд бўлмаган тақдирда хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш учун у олдинги рўйхатда турган жойи бўйича маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат қилиши мумкин.

Пропискага оид маълумотлар мавжуд бўлмаган ҳолларда фуқаро хорижга чиқиш паспортини олиш учун вақтинчалик рўйхатдан ўтган жойидаги маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат қилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқаётган ҳарбий хизматчиларнинг хорижга чиқиш биометрик паспортлари бўлмаса, шунингдек, уларга хорижга чиқиш биометрик паспорти бериш зарурияти билан боғлиқ бошқа ҳолатларда хорижга чиқиш биометрик паспортлари вазирликлар ва идораларнинг ёзма илтимосномалари асосида ушбу Низомда белгиланган тартибда ҳарбий қисм жойлашган ҳудуддаги маълумотларни йиғиш пунктлари томонидан берилади.

18. Хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш чоғида маълумотларни йиғиш пунктига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

белгиланган шаклдаги ариза-анкета;

биометрик паспорт ёки ID-карта ёхуд 16 ёшга тўлмаган фуқаролар учун туғилганлик ҳақида гувоҳнома;

илгари берилган хорижга чиқиш биометрик паспорти (мавжуд бўлган тақдирда);

ваколатли органнинг қарори (хорижга чиқиш биометрик паспорти ашёвий далил сифатида олиб қўйилганида);

ҳарбий гувоҳноманинг ёки чақирув участкасида қайд этилганлиги ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси ёхуд мудофаа ишлари бўлимининг белгиланган намунадаги маълумотномаси — ҳарбий хизматга мажбурлар учун;
давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция;

ота-оналар, васийлар (ҳомийлар)нинг фуқаронинг хорижга чиқишига нотариал тасдиқланган розилиги — вояга етмаганлар учун;

фуқарога ҳамроҳлик қилувчи шахснинг нотариал тасдиқланган мажбурияти — вояга етмаганлар учун.

15 ёшдан 18 ёшгача бўлган фуқаролар ота-оналар, васийлар (ҳомийлар)нинг вояга етмаган шахснинг мустақил равишда хорижга чиқишига нотариал тасдиқланган розилиги бўлган тақдирда хорижга кузатувчисиз чиқиши мумкин.

19. Хорижда турган ҳамда вақтинчалик консуллик рўйхатига олинган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш чоғида консуллик муассасасига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

белгиланган шаклдаги ариза-анкета;

илгари берилган биометрик паспорт ёки хорижга чиқиш биометрик паспорти (улар мавжуд бўлган тақдирда);

туғилганлик ҳақида гувоҳнома (16 ёшга тўлмаган фуқаролар учун);

ҳарбий гувоҳноманинг ёки чақирув участкасида қайд этилганлиги ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси ёхуд мудофаа ишлари бўлимининг белгиланган намунадаги маълумотномаси — ҳарбий хизматга мажбурлар учун;

фуқарога ҳамроҳлик қилувчи шахснинг нотариал тасдиқланган мажбурияти — вояга етмаганлар учун;

биометрик паспорт ёки хорижга чиқиш биометрик паспорти йўқолганлиги тўғрисидаги маълумотнома (паспорт йўқолган тақдирда);

консуллик йиғими ва бошқа йиғимлар тўланганлиги ҳақидаги квитанция.

20. Доимий консуллик рўйхатига олинган фуқароларга хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш чоғида маълумотларни йиғиш пунктига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
белгиланган шаклдаги ариза-анкета;

илгари берилган биометрик паспорт ёки хорижга чиқиш биометрик паспорти (улар мавжуд бўлган тақдирда);

туғилганлик ҳақида гувоҳнома (16 ёшга тўлмаган фуқаролар учун);

биометрик паспорт ёки хорижга чиқиш биометрик паспорти йўқолганлиги тўғрисидаги маълумотнома (паспорт йўқолган тақдирда);

консуллик йиғими ва бошқа йиғимлар тўланганлиги ҳақидаги квитанция.

21. Ўзбекистон Республикасининг вояга етмаган фуқаросига хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш чоғида қуйидаги ҳолатларда ота-оналардан бирининг розилиги талаб қилинмайди:

ота-онанинг бири вафот этганлигида (вафот этганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси тақдим этилган тақдирда);

фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан берилган ёлғиз онанинг маълумотномаси мавжуд бўлганида;

агар боланинг ота-онасидан бири хориж фуқароси бўлганида;

ота-онадан бири суд томонидан ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум қилинганида (суд қарорининг нусхаси тақдим этилган тақдирда);

ота-онадан бири суд томонидан бедарак йўқолган деб топилганида (суд қарорининг нусхаси тақдим этилган тақдирда);

ота-онадан бири суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилганида (суд қарорининг нусхаси тақдим этилган тақдирда);

агар ота-онанинг бири Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ўчирилганида ва хорижда доимий яшаётганида.

Ушбу масала юзасидан ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўртасида чиққан ҳар қандай низолар суд тартибида ҳал қилинади.

Ота-онанинг бири ўз боласининг хорижга чиқишига рози бўлмаган тақдирда, унинг хорижга чиқиш ҳуқуқини чеклаш учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

16 ёшга тўлмаган шахслар номидан уларнинг ота-оналари, васийлари (ҳомийлари), ушбу шахсларни хорижга юбораётган ташкилотларнинг вакиллари тегишли илтимосномалар билан мурожаат қиладилар.

22. Давлат сири ёки ҳарбий сир бўлган маълумотлардан хабардор фуқароларга хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг тегишли органлари билан келишилади.

Давлат сири ёки ҳарбий сир бўлган маълумотлардан хабардор фуқароларнинг хорижга чиқиш биометрик паспортлари вазирликлар ва идораларнинг кадрлар билан ишлаш органларида сақланади.

Давлат сири ёки ҳарбий сир бўлган маълумотлардан хабардор фуқаролар хориждан қайтиб келганларидан кейин хорижга чиқиш биометрик паспортини вазирлик ва идораларнинг кадрлар билан ишлаш бўлинмаларига топширишлари шарт.

Вазирлик ва идораларнинг кадрлар билан ишлаш бўлинмаларида сақланаётган хорижга чиқиш биометрик паспортларининг амал қилиш муддати тугагач, белгиланган тартибда йўқ қилиш учун маълумотларни йиғиш пунктига жўнатилади.

Вазирлик ва идораларнинг кадрлар билан ишлаш бўлинмаларида сақланаётган хорижга чиқиш биометрик паспортлари меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейин Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлиги хизматининг тегишли органлари билан келишган ҳолда фуқароларга қайтариб берилади.

23. Хорижда доимий яшаётган ва Ўзбекистон Республикасига вақтинча келган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ушбу Низомнинг 15-бандида кўрсатилган ҳолатларда хорижга чиқиш биометрик паспортларини расмийлаштириш ёки алмаштириш Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаменти томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасига келиш имконияти йўқлиги (доимий яшаш жойида қолган ҳолда, жисмоний имкониятлари чекланган шахслар) билан боғлиқ алоҳида ҳолатларда консуллик муассасалари ушбу шахсларга хорижга чиқиш биометрик паспортларини Ўзбекистон Республикасининг тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан келишган ҳолда, уларнинг хулосалари асосида расмийлаштириб беришлари мумкин.

24. Тақдим этилган ҳужжатлар асосида маълумотларни йиғиш пункти ариза берувчининг биографик маълумотларини, қўл бармоқларининг электрон изларини (16 ёшдан катта шахслар учун) тўплашни амалга оширади, юзни тўғридан рақамли форматда расмга олади ва хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштиришга талабномани шакллантиради, талабнома келгусида ДПМга жўнатилади.

25. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижга чиқиш биометрик паспорти маълумотларни йиғиш пункти томонидан ҳужжатлар қабул қилиб олинган кундан бошлаб ўн иш кунида, хорижда эса — дипломатик почтани жўнатиш графигига мувофиқ белгиланган тартибда берилади.

Фуқарога ва унга ҳамроҳлик қилувчи шахсга (шахсларга) хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш муддати Ўзбекистон Республикасидан зудлик билан чиқиб кетишни талаб қиладиган ҳолатларда, шошилинч даволаниш зарурлигини тасдиқловчи вилоят ва республика миқёсидаги давлат тиббиёт ташкилотлари томонидан берилган ҳужжатлар, яқин қариндошининг оғир касаллиги ёки вафот этганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганида, чиқиш ҳуқуқига чеклов бўлмаган тақдирда 5 иш кунидан ошмаслиги лозим.

Фуқаро хорижга чиқиш биометрик паспортини йўқотган тақдирда янги паспорт белгиланган тартибда паспорт йўқолганлиги ҳақида ариза берилган кундан бошлаб бир ой ичида берилади.

Аризани кўриб чиқиш муддати Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ узайтирилиши мумкин.

26. Қўл бармоқларининг изларини олиш тартиб-таомилидан бош тортилган ва кўзойнак тақиб ёки бош кийим билан суратга тушиш истаги қатъий билдирилган ҳолатларда маълумотларни йиғиш пункти фуқарога хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштиришни рад этиш ҳуқуқига эга.

27. ДПМ тайёр бўлган хорижга чиқиш биометрик паспортини ДФХ орқали уни расмийлаштириш учун талабнома юборган маълумотларни йиғиш пунктига ёхуд Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига кейинчалик дипломатик йўллар билан консуллик муассасаларига юбориш учун топширади, консуллик муассасалари паспорт эгасига берилишини таъминлашлари шарт.

28. 16 ёшга тўлмаган шахснинг хорижга чиқиш биометрик паспортлари унинг ота-оналарига, васийлари (ҳомийлари)га, хорижга чиқиш биометрик паспорти бериш ҳақида илтимоснома билан мурожаат қилган ташкилотларнинг вакилларига берилади.

29. Фуқаро ва қонуний вакиллар хорижга чиқиш биометрик паспортини авайлаб сақлашлари шарт.

30. Хорижга чиқиш биометрик паспорти йўқолган тақдирда фуқаро дарҳол доимий рўйхатда туриш жойи ёки консуллик рўйхати бўйича маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат қилиши шарт, мазкур пункт қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартиб-таомилларни амалга оширганидан кейин ушбу Низомда назарда тутилган тартибда фуқарога янги хорижга чиқиш биометрик паспортини бериш масаласини ҳал қилади.

31. Вақтинча хорижда турган ва консуллик рўйхатига олинмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари хорижга чиқиш биометрик паспорти йўқолган, яроқсиз ҳолга келган, унинг амал қилиш муддати тугаган, маълумотлар ёки визалар учун мўлжалланган саҳифаларидан фойдаланиб бўлинган ҳолатларда янги хорижга чиқиш биометрик паспортини ёки Ўзбекистон Республикасига қайтиш учун гувоҳномани расмийлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасасига мурожаат қиладилар.

32. Топиб олинган хорижга чиқиш биометрик паспорти ички ишлар органига ёхуд Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасасига топширилиши лозим.

33. Вафот этган фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспорти фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига топширилади, мазкур орган хорижга чиқиш биометрик паспортини кейинчалик йўқ қилиш учун маълумотларни йиғиш пунктига жўнатади.

Хорижда вафот этган фуқаронинг хорижга чиқиш биометрик паспорти уни берган маълумотларни йиғиш пунктига кейинчалик йўқ қилиш мақсадида жўнатиш учун Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига жўнатилади.

34. Қамоққа олинган ёки озодликдан маҳрум қилишга, мажбурий жамоат ишларига, ахлоқ тузатиш ишларига ёхуд озодликни чеклашга маҳкум этилган шахслардан хорижга чиқиш биометрик паспорти суриштирув, тергов органлари, ички ишлар органларининг пробация бўлинмалари ёки суд томонидан олиб қўйилади. Шахс қамоқда қолдирилган ёки суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган тақдирда хорижга чиқиш биометрик паспорти Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш бош бошқармасига жўнатилади.

Қамоқдан озод қилинганда ёки жазо муддати ўтаб бўлинганидан кейин хорижга чиқиш биометрик паспорти суриштирув, тергов органлари, ички ишлар органларининг жазони ижро этиш инспекцияси, суд томонидан ёхуд жазони ижро этиш муассасасининг маъмурияти томонидан эгасига қайтариб берилади.

Хорижга чиқиш биометрик паспорти суриштирув, тергов органлари ёки суд томонидан ашёвий далил сифатида олиб қўйилган тақдирда янги паспорт ваколатли органнинг олиб қўйиш ҳақидаги тегишли қарори тақдим этилгач маълумотларни йиғиш пункти томонидан расмийлаштирилади.

35. Текшириш, верификациялаш жараёнида ноаниқликлар ёки чегара (миграция) қайдлари, хориж визалари, рухсат берувчи ёзувлар сохталаштирилганлигини кўрсатувчи белгилар аниқланган биометрик паспорт ёки хорижга чиқиш биометрик паспорти, шунингдек, белгиланган тартибда ҳақиқий эмас деб топилган биометрик паспорт ёки хорижга чиқиш биометрик паспорти чегара назорати бўлинмалари томонидан тегишли вазирликлар ва идораларга жўнатиш учун олиб қўйилиши мумкин. Паспорт олиб қўйилган тақдирда чегара назорати бўлинмаси томонидан фуқарога унинг паспорти олиб қўйилганлиги ҳақида далолатнома берилади.

36. Қуйидагилар тақиқланади:

ушбу Низомда назарда тутилган ҳолатлардан ташқари фуқародан хорижга чиқиш биометрик паспортини олиб қўйиш;

хорижга чиқиш биометрик паспортини мажбуриятларни таъминлаш мақсадида гаров сифатида қабул қилиш ва топшириш.

37. Ушбу Низом талабларини амалга ошириш учун зарур бўлган штамплар ва бланкларнинг намуналари тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Адлия вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати томонидан тасдиқланади.

38. Хорижга чиқиш биометрик паспорти берилганлиги учун Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда давлат божи ёки консуллик йиғимлари ундирилади. Тўлиқ давлат таъминотида бўлган шахслар давлат божи тўлашдан озод қилинади.

3-боб. Хорижга чиқиш ҳуқуқидаги чекловлар

39. Хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштиришни рад этишга қуйидагилар асос бўлади:

а) агар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлса — иш юзасидан узил-кесил суд қарори ёки бошқа қарор қабул қилингунгача;

б) агар шахс ички ишлар органларининг маъмурий назоратида бўлса — назорат тўхтатилгунгача;

в) агар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо ва шартли ҳукм қўлланилган бўлса — жазони ўтаб бўлгунигача ёки жазодан ва шартли ҳукмдан озод қилингунигача;

г) агар шахсда суд томонидан юкланган ижро этилмаган мажбуриятлар бўлса — мажбуриятлар ижро этилгунга қадар, вояга етмаган болаларни таъминлаш учун алиментлар олдиндан тўланганлиги Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг маълумотномалари билан тасдиқланган ҳолатлар бундан мустасно;

д) агар шахс ўзи тўғрисида қасддан сохта маълумотларни тақдим этган бўлса;

е) агар шахсга нисбатан ваколатли органларнинг мазкур шахс хорижда бўлганида борган мамлакатининг қонунларини бузганлиги тўғрисидаги ахбороти, шунингдек, хорижга чиқиши мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатувчи ахбороти (қонун бузилишлар рўйхати тегишли органлар томонидан белгиланади) мавжуд бўлса — у ҳисобга қўйилган кундан бошлаб икки йил ўтгунгача.

Хорижга чиқиш биометрик паспорти беришни рад этиш асослари рўйхати батафсил талқин қилинмайди.

Агар шахс давлат сири ёки ҳарбий сир бўлган маълумотлардан хабардор бўлса ёки унга нисбатан хорижга чиқишига тўсқинлик қиладиган шартнома, контракт мажбуриятлари амал қилаётган бўлса, унга ушбу мажбуриятларнинг амал қилиш муддати тамом бўлгунига қадар хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш рад этилиши мумкин.

40. Хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштиришни ушбу Низомнинг 39-бандида назарда тутилган асослар бўйича рад этиш, шунингдек, мурожаатни белгиланган муддатдан ортиқ вақт давомида кўриб чиқиш юзасидан бўйсуниш тартибида юқори органга ёхуд бевосита судга шикоят қилиниши мумкин.

4-боб. Консуллик рўйхати

41. Белгиланган тартибда хорижга доимий яшаш учун чиқиб кетган, шунингдек, олти ойдан ортиқ муддат давомида хорижда вақтинчалик турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари консуллик муассасаларида доимий ёки вақтинчалик консуллик рўйхатига туришлари лозим.

42. Хорижга доимий яшаш учун чиққан ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан рўйхатдан ўчирилган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари доимий консуллик рўйхатига олинадилар.

43. Хорижга хизмат сафарига, ўқишга, даволанишга, ишга ва ўз оиласи билан бирлашиш учун чиқиб кетган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари вақтинчалик консуллик рўйхатига олинадилар.
Ўзбекистон Республикасининг фуқароси борган мамлакатида қонуний тарзда яшаётган бўлса ва мамлакатга олти ойдан ортиқ муддатга борган бўлса вақтинчалик консуллик рўйхатига олинади.

44. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари доимий яшаш жойини, шунингдек, иш, ўқиш ёки хизмат сафари жойини олти ойдан ортиқ муддатга ўзгартирганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасига қарашли бошқа консуллик муассасасининг консуллик округи ҳудудига кўчиб ўтган тақдирда олдинги яшаш жойидаги консуллик рўйхатидан (доимий, вақтинчалик) чиқишлари ҳамда янги келган жойларида консуллик рўйхатига олинишлари лозим.

45. Доимий консуллик рўйхатига олиш учун Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда консуллик йиғимлари ундирилади.

46. Вақтинча яшаш учун хорижга чиқиб кетган, у ерда қонуний тарзда яшаётган ҳамда хорижда доимий яшашга қарор қилган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари доимий яшаш учун рухсатномани расмийлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг тегишли консуллик муассасасига қуйидаги ҳужжатлар билан мурожаат қилишлари шарт:

белгиланган шаклдаги ариза-анкета;

биометрик паспорт ёки хорижга чиқиш биометрик паспорти;

туғилганлик ҳақида гувоҳноманинг нусхаси;

ҳарбий гувоҳноманинг ёки чақирув участкасида қайд этилганлиги ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси ёхуд мудофаа ишлари бўлимининг белгиланган намунадаги маълумотномаси — ҳарбий хизматга мажбурлар учун;
консуллик йиғимлари тўланганлиги ҳақидаги квитанция.

Фуқаро ўзи яшаб турган мамлакатда Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси бўлмаган тақдирда, мазкур мамлакат Ўзбекистон Республикасининг хориждаги қайси консуллик округига кирса ўша консуллик округининг консуллик муассасасига мурожаат қилади. Хориждаги консуллик муассасалари Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг доимий яшашни расмийлаштириш бўйича қабул қилинган ҳужжатларини белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига юборадилар. Консуллик муассасалари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг доимий яшаш учун рухсатини олгач, ариза берувчини доимий консуллик ҳисобига қабул қиладилар.

47. Хорижда доимий яшаётган ва Ўзбекистон Республикасига доимий яшаш жойига қайтиб келишни режалаштираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистон Республикасининг хориждаги консуллик муассасасидаги консуллик рўйхатидан чиқишлари лозим.

Агар фуқаролар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлсалар, улар консуллик рўйхатидан чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қиладилар.

48. Консуллик рўйхатига олиш ва чиқариш ҳақидаги аризаларнинг, фуқароларни консуллик рўйхатига олиш ва чиқаришга доир қайд этиш китоблари ва бошқа ҳужжатларнинг шакллари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.

5-боб. Ушбу Низомни бузганлик учун жавобгарлик

49. Қонун ҳужжатлари билан қуйидагилар учун жавобгарлик белгиланади:

хорижга чиқиш биометрик паспортининг амал қилиш муддати тугаганидан кейин уни ўз вақтида топширмаслик;

хорижга чиқиш биометрик паспортига атайлаб шикаст етказиш, шунингдек, хорижга чиқиш биометрик паспортини эҳтиётсизлик билан сақлаб, унинг йўқолишига сабаб бўлиш;

йўқолганлиги ҳақида ариза берилган хорижга чиқиш биометрик паспортидан, шунингдек, бошқа шахсга қарашли бўлган хорижга чиқиш биометрик паспортидан ғаразли мақсадларда фойдаланиш;

хорижга чиқиш биометрик паспортини қонунга хилоф равишда олиб қўйиш ёки уни гаров сифатида қабул қилиш;

хорижга чиқиш биометрик паспортига ғаразли ёки бошқа тубан ниятлар билан эга бўлиб олиш, шунингдек, уни йўқ келтириш, яроқсиз ҳолга келтириш, яшириш.

2756

Yuqoriga

O'zbekiston Respublikasining

Milliy Aviakompaniyasi

Davlat resurslari: